Ўзбекистон нашриётлари Германиядаги халқаро китоб ярмаркасида иштирок этмоқда

Германиянинг Франкфурт шаҳрида бўлиб ўтаётган нуфузли “Frankfurter Buchmesse” халқаро китоб кўргазма-ярмаркасида ўзбек адабиётининг сара намуналари билан Ўзбекистон экспозицияси намойиш этилмоқда.

Бу кўргазма 1949 йилдан бери ўтказилиб келинаётган бўлиб, дунёдаги энг йирик ва нуфузли китоб тадбирларидан бири ҳисобланади. Унда муаллифлар, нашриётлар, матбаа корхоналари, китоб савдоси ташкилотлари, адабий агентликлар ва минглаб китоб ихлосмандлари ҳар йили Франкфурт шаҳрида жамланади.

Жорий йилги кўргазмадан рақамлар:

  • 92 дан ортиқ давлатдан компаниялар ўз экспозициялари билан қатнашмоқда;
  • 140 дан зиёд давлат экспертлари иштирок этмоқда;
  • 1000 нафардан ортиқ ёзувчи ва муаллифлар қатнашяпти;
  • 230 мингдан зиёд китоб муҳлислари ташриф буюрмоқда.

Бу йилги халқаро тадбирнинг “Фахрий меҳмони” Филиппин давлати бўлиб, у ўз маданияти, адабиёти, санъати ва китоб саноатидаги сўнгги ютуқларини намойиш этмоқда.

Ўзбекистон экспозициясида “Ўзбекистон”, “Янги аср авлоди”, “Credoprint”, “Asian book house”, “Global books”, “Ёшлар матбуоти”, “Дунё нашр”, “Dinara&Co”, “Китоб сайёраси”, “Ёш куч” нашриётлари ҳамда “Ўздавкитобсавдо” ташкилоти вакиллари, шунингдек ёзувчи Мадина Мўминова иштирок этмоқда. Улар нафақат миллий адабиётимиз намуналарини намойиш этмоқда, балки хорижий нашриётлар ва муаллифлар билан адабий ҳамкорлик ва тажриба алмашиш алоқаларини йўлга қўймоқда.

Мазкур иштирок мамлакатимиз китоб саноати ва адабий салоҳиятини халқаро миқёсда тарғиб этиш мақсадида “Ўзбекистон нашриётлари ва китоб савдоси ташкилотлари Миллий ассоциацияси” ҳамкорлигида ташкил этилган.