Перу пойтахтида фавқулодда ҳолат жорий этилиши мкмкин

Перу ҳукумати яқин соатларда мамлакат пойтахти Лима шаҳри ва шу номдаги ҳудудда фавқулодда ҳолат эълон қилишни режалаштирмоқда. Бу қарор кеча бўлиб ўтган оммавий норозилик намойишлари билан боғлиқ.

TV Peru телеканали хабарига кўра, бу ҳақда Перу бош вазири Эрнесто Альварес маълум қилган.

“Фавқулодда ҳолат эълон қилиш бекорчи чора бўлмаслиги, аниқ натижага олиб келиши керак. Шунинг учун биз ҳозиргача бу қарорни қабул қилмаган эдик”, — деган Альварес.

Унинг сўзларига кўра, ҳукумат ҳозирги вазиятни барқарорлаштириш учун бир қатор чора-тадбирлар тайёрламоқда. “Бу чоралар яқин соатларда эълон қилинади ва улар ҳақида жамоатчилик фикри ҳам эшитилади”, — деган бош вазир. Шунингдек, у ҳукумат Лимада комендантлик соатини жорий этиш эҳтимолини ҳам истисно этмаслигини қўшимча қилган.

Эслатиб ўтамиз, пайшанба куни Лимада ҳукуматга қарши намойишлар бўлиб ўтди. Полицияга агрессив намойишчиларни тарқатишга тўғри келди. РИА Новости маълумотларига кўра, кечаги тўқнашувлар натижасида 100 дан ортиқ киши жабрланган, уларнинг аксарияти — полиция ходимларидир.