Азалдан халқимизда фарзандни муаллимга топшириш маросимида “Гўшти сизники — суяги бизники” деган ибора айтилади. Бу сўзлар шунчаки ибора эмас: устозга берилган ишонч, фарзанд камолини бир инсонга ишониб топшириш қадрияти эди. Устоз ота-онадан кейин боланинг илм-маърифатдаги тақдири, дунёқараши ва ахлоқини шакллантирувчи устун саналган.
Бугун эса бу иборанинг маъноси сўниб, рамзий аҳамияти йўқолиб бормоқда. Жорий йилнинг 6 октябрь куни Самарқанд вилояти Қўшработ туманида мактаб ходимининг 3-синф ўқувчисини синфдошлари олдида калтаклаши, Нарпайда директор ва ўқувчи ўртасидаги тортишув акс этган видеолар, шунингдек, кунда-кунора ижтимоий тармоқларда тарқалаётган устозлар билан боғлиқ шов-шувли хабарлар барчаси устоз обрўсини ерга туширишга хизмат қиляпти, холос. Бир қарашда бундай воқеалар маҳаллий можаро сифатида туюлиши мумкин, аммо улар таълим тизимининг ишонч ва ҳурмат меъёрлари тушиб кетаётганини намоён этади.
Агар 2000-йилларда мактаб можаролари ички муҳокама билан ҳал қилинган бўлса, ҳозир битта эмоционал лаҳза 5 сонияда видеога олинади ва 5 дақиқа ичида миллионлаб кўришларга етади. Шундай ҳолатларда ҳеч ким “воқеа ортида аслида нима бор?” деб сўрамайди. Устоз айбдор, деб хулоса чиқарилади. Натижада кўплаб ўқитувчилар талаб қўйишдан, тарбия ҳақида гапиришдан, ҳатто болага бироз дакки беришдан ҳам чўчиб қолган. Агар нимадир деб қўйса — борми…
Тизим ичидаги иллатлар: устозни ким ҳимоя қилади?
Бу муаммо фақат ижтимоий эмас — тизимли иллатлар натижасидир.
Ўқитувчи иш вақтини асосан “ҳисоб бериш”га сарфламоқда. Мактаблардаги педагоглар вақтларининг 35–40 фоизини дарсга эмас, турли ҳисобот ва электрон журналларга сарфлайди.
“Кундалик” тизими, қоғоз журнал, ҳафталик маълумот, туман ҳисоботлари — ҳаммаси ўқитувчининг зиммасида. Кундаликка ота-оналар кирмаса ҳам, гап эшитадиган устоз бўлиб қолган. Баъзи ўқитувчилар ота-оналар ўрнидан бўлса ҳам, ўқувчиларнинг шахсий саҳифаларига кириб чиқишга мажбур. Шундай қилмаса, ҳисоботларда ўқувчилар фаоллиги кам чиқади ва у гап эшитади. Натижада устоз билим берувчи эмас, ҳисоботчига айланиб қолмоқда.
Нотаълимий юкламалар
“Педагогнинг мақоми тўғрисида”ги қонун қабул қилинганига қарамай, ҳануз кўпгина устозлар байрам, сайлов, тозалаш ёки маҳаллий тадбирларга жалб қилинади. Ушбу қонуннинг 5-моддасига кўра, устозни ўз вазифасига алоқаси бўлмаган ишларга, жумладан ҳудуд ободонлаштириш, қишлоқ хўжалиги ёрдами, аҳолининг қарздорлиги бўйича маълумот йиғиш ёки турли ҳисоботлар тайёрлаш каби ишларга жалб қилиш қонунбузарлик ҳисобланади.
Педагог фақат ўзининг розилиги ва алоҳида шартнома асосидагина сиёсий ёки ижтимоий аҳамиятга эга тадбирларда (сайлов, аҳолини рўйхатга олиш, тест назорати ва ҳ.к.) иштирок этиши мумкин — иш вақтидан ташқари ва қўшимча ҳақ эвазига.
Қонун, шунингдек, ўқитувчини маъмурий тарзда меҳнатга мажбурлаш ёки унинг фаолиятига тўсқинлик қилишни жавобгарлик асоси сифатида белгилайди. Бу эса устозни жамият кўзида «зиёли» эмас, балки “мажбурий ишчи кучи” сифатида кўрсатиб қўймоқда.
Ҳуқуқий ҳимоянинг сустлиги
Қонунларда устозни ҳақорат қилиш учун жавобгарлик белгиланган, лекин амалда бу механизм ишламайди. Кўп ҳолларда мактаб раҳбарияти “обрўни сақлаш” баҳонаси билан воқеани ёп-ёп қилади. Натижада устоз ўзини ҳимоясиз қаҳрамондай ҳис қилади.
Маош — устоз қадрининг кўзгуси
Бугун мамлакатдаги мактабларда фаолият юритаётган ўқитувчининг ўртача ойлиги 3,4–4,5 миллион сўм, яъни тахминан 280–350 АҚШ долларини ташкил этади. Бу рақам мамлакатдаги ўртача иш ҳақидан ҳам паст ҳисобланади. Таққослаш учун: Қозоғистонда ўқитувчи ойлиги ўртача 850–950 доллар бўлиб, сўнгги йилларда икки марта оширилган. Россияда бу кўрсаткич 700–800 доллар атрофида. Жанубий Кореяда — 3 200 доллар, Финляндияда эса 4 000 доллардан юқори, тажриба ва малакага қараб 5 000 долларгача етиши мумкин.
Бу рақамлар ўртасидаги тафовут жуда катта — Ўзбекистон ўқитувчисининг маоши ривожланган давлатларникидан 10–15 баробар паст. Бироқ масъулият, иш ҳажми ва жамият талаблари жиҳатидан фарқ деярли йўқ.
Устоздан Европадаги таълим сифати талаб қилинади, лекин унинг меҳнатига ҳали ҳам “ижтимоий миссия” эмас, “арзон меҳнат кучи” сифатида қаралмоқда.
Натижада ёш кадрлар бу касбни танламайди, тажрибали устозлар эса бошқа соҳаларга ўтиб кетмоқда. Эркак ўқитувчиларнинг кўп қисми Россияда меҳнат қилиб юрибди — буни қишлоқлардаги статистика ҳам яққол кўрсатади.
Маош пастлиги нафақат моддий, балки маънавий қадрни ҳам йўқотади. Чунки обрў фақат сўз билан эмас, муносиб ҳаёт тарзи билан ҳам ўлчанадиган замондамиз.
Ахборот асрида устоз — ҳимоясиз қаҳрамон
Бугунги устозлар қадри топталаётган вазиятда давлат ёки вазирлик устозни ҳимоя қилишда кўпинча кечикмоқда. Кўп ҳолатларда масъулият устознинг ўзига юкланади, бу эса унинг касбий шаънига зарба беради. Натижада мактабда ҳурмат эмас, қўрқув муҳити ҳукмрон бўлмоқда.
Давлат даражасида зарур чоралар
Устоз қадрини тиклаш байрам табриклари билан эмас, амалдаги ислоҳотлар билан бўлиши керак. Ўқитувчи маоши мамлакатдаги ўртача иш ҳақидан паст бўлмаслиги, узоқ муддатда эса минтақадаги (Қозоғистон, Россия) даражасига етказилиши зарур.
Устозни ҳақорат қилган ёки зўравонлик қилган шахсга нисбатан тезкор суд амалиёти жорий этилиши лозим.
“Таълим омбудсмани” институтини кучайтириш, қоғозбозликни тўлиқ рақамлаштириш, ҳисоботларни автоматлаштириш ва нотаълимий вазифаларни ман этиш керак.
Журналист ва блогерлар устоз ҳақидаги маълумотни холис, фактларга асосланган ва контекст билан ёритиши лозим.
Ҳар бир мактабда устозлар учун психологик ёрдам марказлари ташкил этилиши, касбий стрессни камайтириш тизими йўлга қўйилиши зарур.
Кўп йиллик тажрибага эга устозларни эрта пенсияга чиқариш тизимини ҳам жорий этиш мақсадга мувофиқ бўлади.