БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича олий комиссари бошқармаси Қирғизистон ҳукуматини ўлим жазосини қайта тиклаш режасидан воз кечишга чақирди. Олий комиссар Фолькер Тюркнинг таъкидлашича, бундай қадам мамлакатнинг халқаро мажбуриятларига зид бўлади.
Қирғизистон 1998 йилда ўлим жазосини қўллашни тўхтатган, 2010 йилда эса Инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро пактнинг Иккинчи факультатив протоколини ратификация қилиб, жазони расман бекор этган. Ушбу ҳужжатга кўра, протоколга қўшилган давлатлар ўлим жазосини қайта жорий этишга ҳақли эмас.
Сўнгги пайтларда 17 ёшли Ойсулув Мукашеванинг зўрланиб ўлдирилиши билан боғлиқ фожиа ортидан ҳукумат Конституцияга ўзгартириш киритиш таклифини илгари сурган. Таклифга кўра, оғир жиноятлар учун — хусусан, зўрлаш ва болаларга нисбатан зўравонлик билан боғлиқ ҳолатларда — ўлим жазосини қайта жорий этиш ҳамда Иккинчи факультатив протоколдан чиқиш назарда тутилган.
Таклиф референдумга қўйилиши кутилмоқда. Аммо БМТ таъкидлашича, протокол давлатларга ўз мажбуриятларидан воз кечиш имконини бермайди.
“Ўлим жазоси оғир жиноятларнинг олдини олишда самарали восита эканини исботловчи далил йўқ. Асосий эътибор жабрланганлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва адолатли судловни таъминлашга қаратилмоғи лозим”, — деди Фолькер Тюрк.
Аввалроқ Қирғизистон президенти Садир Жапаров Ойсулув Мукашева фожиасидан кейин жамоатчилик талабларига жавобан ўлим жазосини қайтариш ташаббуси билан чиққан эди.