Нью-Йоркда “миллионерлар кўчасининг дурдонаси” деб аталган 102 қаватли осмонўпар бино ёрилиб кетди

“The New York Times” нашрининг ёзишича, Нью-Йорк шаҳрида Парк-авеню 432 манзилида жойлашган 102 қаватли осмонўпар бинонинг деворларида ёриқлар пайдо бўлган. У “миллионерлар кўчаси”нинг энг нуфузли биноларидан бири ҳисобланади.

Тахминий сабаб — қурилишда бетоннинг таркиби ўзгартирилгани билан боғлиқ. Ижарачиларнинг айтишича, айрим хонадонларда шифтидан сув сизниб чиқмоқда, лифтлар эса тез-тез ишдан чиқади. Мутасаддилар бинога капитал таъмир зарурлигини, акс ҳолда у фойдаланиш учун хавфли бўлиб қолишини маълум қилган.

Яшовчилар муаммолар ҳақида илк бор 2017 йилда шикоят қилишган. 2021 йилда эса улар судга даъво аризаси киритиб, 165 миллион доллар миқдорида компенсация талаб қилишган.