Францияда парранда гриппи авж олмоқда

Францияда парранда гриппи авж олмоқда. Шу сабаб мамлакат бўйлаб парранда фермаларида юқори огоҳлантириш даражаси эълон қилинди. Эндиликда барча паррандачилик хўжаликлари ҳайвонларни ёпиқ жойда сақлаши шарт бўлади.

Бу чора Франция қишлоқ хўжалиги вазирлиги томонидан вирус тарқалишининг олдини олиш ва назоратни кучайтириш мақсадида жорий қилинган. Сўнгги йилларда юқори патогенли парранда гриппи дунё бўйлаб ёввойи қушлар ва паррандаларда кенг тарқалмоқда. Вирус ҳатто норка ва мушук каби сутемизувчиларга ҳам юққан. Буюк Британия ва АҚШда касалланган паррандалар билан алоқада бўлган одамларда ҳам вирус аниқланган.

Мутахассислар вирус одамдан одамга ўтиш даражасигача мутацияланишидан хавотирда. Ҳозирча бундай ҳолат аниқланмаган. Европа касалликлар профилактикаси маркази ҳозирда одамлар учун хавф даражаси жуда паст эканини билдирган.

Сўнгги йилларда Европада вирус тарқалишининг олдини олиш учун миллионлаб парранда йўқ қилинмоқда. Ўтган ҳафта Нидерландияда парранда гриппи тарқалган хўжаликда 71 минг қуш йўқ қилинган. Испанияда эса бир неча кун ичида учта эҳтимолий ўчоқ аниқланиб, хавфсизлик чоралари кучайтирилган. Францияда бу огоҳлантириш икки йил аввал бошланган эмлаш дастури ортидан эълон қилинмоқда. Ҳукумат бу орқали парранда саноати оғир зарбадан сўнг тиклана бошлаганини билдирмоқда.