Бу anti-spoofing технологияси деб аталади. Функция автоматик тарзда барча абонентларда ишлайди ва бепул бўлади.
Телефонларда сохта рақамларни автоматик блоклайдиган хизмат ишга туширилди.
Ўзбекистондаги мобил операторлар сохта рақамлардан қўнғироқларни блоклайдиган, телефон фирибгарлиги ва шахсий маълумотларнинг сизиб чиқишидан ҳимоя қиладиган anti-spoofing технологияси жорий этилганини маълум қилди.
Бу ҳақда Beeline, Mobiuz каби операторлар хабар берди. Рақамли технологиялар вазирлиги барча операторлар технологияни жорий этаётганини маълум қилди.
Бу функция автоматик тарзда барча абонентларда ишлайди ва бепул бўлади.
Фирибгарлар сохта рақамларни бир нечта схемалар орқали қўллашади. Масалан, улар кўпинча хориждан қўнғироқ қилиб, ўзларини ўзбекистонлик абонентнинг стационар рақами остида яширишади — тизим бу мос келмасликни аниқлайди ва қўнғироқни блоклайди.
Яна бир усул — гўёки Ўзбекистон мобил операторларидан бири номидан, аммо хориждан, роумингда қўнғироқ қилиш. Тизим реал вақт режимида СИМ-карта қайси тармоқда рўйхатдан ўтганини оператор орқали текширади. Агар операторнинг коммутатсия ускунаси абонент хорижий тармоқ ўрнига уй тармоғида рўйхатдан ўтганлигини кўрсатса, у ҳолда қўнғироқ ҳам автоматик равишда блокланади.
Бундай текширувлар фойдаланувчи кирувчи қўнғироқни қабул қилишидан аввал амалга оширилади, бу эса фирибгарлик қўнғироқларининг сонини сезиларли даражада камайтиради ва мобил алоқанинг хавфсизлигини оширади.