Олмалиқ шаҳрида жойлашган нодавлат спорт клубининг мураббийси томонидан икки нафар болага нисбатан жисмоний куч ишлатилгани акс этган видеолавҳа ижтимоий тармоқларда кенг муҳокамаларга сабаб бўлди.
Мазкур ҳолат тегишли мутахассислар томонидан ўрганилиб, ўз тасдиғини топди. Шу муносабат билан Олмалиқ шаҳар Болалар ишлари бўйича комиссиясининг тезкор йиғилиши ўтказилди, дея хабар бермоқда шаҳар ҳокимлиги Матбуот хизмати.
Йиғилиш давомида ҳолатнинг барча жиҳатлари батафсил кўриб чиқилиб, бир қатор аниқ чоралар белгиланган. Жумладан, шаҳар ички ишлар бўлимини мураббийнинг ноқонуний ҳаракатларига нисбатан қонуний чора кўриш топширилган.
Шунингдек, фарзандларини жазолашни мураббийдан илтимос қилган болаларнинг ота-оналари маъмурий жавобгарликка тортилиши белгиланган.
«Бундан ташқари, тиббиёт бирлашмасига болаларни чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказиш вазифаси юклатилди. Шаҳар ички ишлар бўлими ҳамда “Инсон” марказига эса болаларнинг оилавий муҳитини ўрганиш, уларнинг руҳий ҳолатини баҳолаш ва тазйиқ ҳамда зўравонлик ҳолатларининг олдини олиш бўйича комплекс чора-тадбирларни амалга ошириш топширилди.
Шунингдек, шаҳар спорт мактабига ҳудуддаги барча спорт клубларини қайта хатловдан ўтказиш, хусусий мураббийларга услубий тавсиялар бериш, ноқонуний фаолият юритаётган спорт тўгаракларини аниқлаган тақдирда бу ҳақда тегишли идораларга ахборот киритиш вазифаси юклатилди.
Комиссия йиғилишида мураббий С.Мирзавалиев қилган ҳаракатидан пушаймон эканини билдириб, кенг жамоатчиликдан узр сўрашини маълум қилди», — дейилади хабарда.