Ўзбекистоннинг Жаҳон савдо ташкилотига (ЖСТ) аъзолик жараёнидаги навбатдаги муҳим босқич якунланди — мамлакат Европа Иттифоқи билан икки томонлама музокараларни тугатди. Бу ҳақда Президент Шавкат Мирзиёевнинг Брюсселга ташрифи чоғида эълон қилинди.
Бош музокарачи Азизбек Уруновнинг маълум қилишича, Евроиттифоққа аъзо 27 давлат билан бозорларга кириш, экспорт-импорт божлари ва хизматлар соҳасидаги имтиёзлар бўйича келишувга эришилган.

Шу билан Ўзбекистон ЖСТга аъзолик йўлида музокараларни бошлаган 34 давлатдан 31 таси билан битимларни имзолади. Ўтган ҳафта Панама билан ҳам музокаралар якунланган эди.
“Энди расман: ЖСТнинг 31 аъзоси билан музокаралар якунланди, фақат 3 таси қолди”, — деб ёзган Урунов ЛинкедИнъдаги саҳифасида.
Маълумки, Ўзбекистон 2026-йил март ойида бўлиб ўтадиган ЖСТ саммитида ташкилот аъзолигига қабул қилинишни мақсад қилган.
Шунингдек, Мирзиёевнинг Брюсселга ташрифи давомида Кенгайтирилган шериклик ва ҳамкорлик тўғрисидаги битим имзоланди. Бу ҳужжат 1996-йилда тузилган аввалги битимдан фарқли ўлароқ, Ўзбекистон ва Европа Иттифоқи ўртасидаги ҳамкорликнинг ҳуқуқий асосларини янада кенгайтиради.
