Ўзбекистон ТИВ Россиядаги фуқароларни қалбаки ҳужжатлардан огоҳлантирди

Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги Россия ҳудудида бўлиб турган фуқароларни қалбаки ҳужжатлардан эҳтиёт бўлишга чақирди.

ТИВ маълумотларига кўра, Россиядаги консуллик муассасалари фаолияти давомида айрим фуқаролар томонидан қалбаки ҳужжатлар тақдим этиш ҳолатлари аниқланмоқда. Шунингдек, Telegram’даги айрим виртуал гуруҳ ва каналларда Ўзбекистон ҳамда бошқа давлатлар ҳужжатларини “тайёрлаб бериш” ҳақидаги сохта эълонлар кенг тарқалгани қайд этилган.

Вазирлик маълумотича, ана шундай жиноий гуруҳлар фаолияти оқибатида фуқаро Э.Р. қалбаки ватанга қайтиш гувоҳномаси расмийлаштирган. Аммо чипта хариди пайтида ҳужжатнинг сохта экани аниқланиб, Қозондаги Бош консулхона аралашуви билан фуқаронинг Россия Жиноят кодексининг 322 ва 327-моддалари бўйича жавобгарликка тортилиши олди олинган.

Шунингдек, яна икки фуқаро қалбаки никоҳ орқали туғилганлик тўғрисидаги гувоҳнома олгани маълум бўлган.

ТИВ Россияда бўлиб турган Ўзбекистон фуқароларини бу каби сохта “ҳизматлар”га ишонмасликка, ҳужжатларни расмийлаштиришда фақат ваколатли давлат идораларига мурожаат қилишга қатъий чақирди.