ТМК – Хитойдаги “China Mining 2025” форумида Ўзбекистоннинг янги саноат моделини тақдим этди

Жорий йилнинг 23–25 октябрь кунлари Хитойнинг Тяньцзин шаҳри жаҳон кончилик саноатининг марказига айланди. Бу ерда ўтказилган 27-Хитой Халқаро Кончилик Конференцияси ва Кўргазмаси (China Mining Conference & Exhibition) глобал миқёсдаги энг йирик саноат форумларидан бири бўлди. Тадбирда 42 та давлатдан 500 дан ортиқ компания иштирок этди.

Мазкур нуфузли форумда Ўзбекистон технологик металлар комбинати (ТМК) мамлакатнинг янги саноат модели – “кон–метал–бозор” (Mine–Metal–Market) қиймат занжири концепциясини жаҳон кончилик аудиториясига тақдим этди. Ушбу модель хомашёни қазиб олишдан бошлаб, юқори қўшилган қийматли маҳсулот ишлаб чиқариш ва уни глобал бозорга чиқаришгача бўлган тўлиқ таъминот интеграциясини ўз ичига олади.

“Uzbekistan Mining Industry Promotion Day” – Ўзбекистоннинг кончилик стратегияси тақдимоти

Форумнинг энг муҳим тадбирларидан бири сифатида Ўзбекистоннинг Хитойдаги элчихонаси ва ТМК томонидан “Uzbekistan Mining Industry Promotion Day” роад-шоуси ташкил этилди. Тадбир давомида Ўзбекистоннинг кончилик сиёсати, инвестицион стратегияси, саноат трансформацияси ҳамда ТМК фаолияти халқаро иштирокчилар эътиборига тақдим этилди. Ушбу тақдимот халқаро экспертлар томонидан юксак баҳоланиб, Ўзбекистоннинг минтақавий кончилик бозоридаги рақобатбардош позициясини мустаҳкамлади.

“Ўзбекистон куни” – саноат ва маданият уйғунлиги

Форумнинг энг ёрқин лаҳзаларидан бири ТМК томонидан ташкил этилган “Ўзбекистон куни” бўлди. Тадбир давомида ўзбек миллий куй-қўшиқлари ва рақслари намойиш этилиб, ТМК Ўзбекистонни нафақат саноат, балки маданий жиҳатдан ҳам жозибадор ҳамкор сифатида халқаро майдонда тақдим этди.

Форум давомида ТМК делегацияси Jinchuan Mining Group, CNMC, Handar Blasting, Sichuan Resources Group, CINF Engineering, Chinalco ва бошқа йирик саноат компаниялари билан B2B учрашувлар ва самарали музокаралар ўтказди. Учрашувлар натижасида 10 дан ортиқ йўналишда ҳамкорликни ривожлантириш бўйича келишувларга эришилди.

BGRIMM Technology Group вакили Ван Чжиго шундай деди: “Ўзбекистон биз учун ушбу йўналишдаги энг муҳим ҳамкорлардан биридир. Биз давлат стратегиясига мувофиқ, ўзбек ҳамкорларимиз, жумладан ТМК билан биргаликда тоғ-кон саноатини самарали ривожлантиришга интиламиз. Тоғ-кон ва металлургия ускуналари, технологик жараёнларни ишлаб чиқиш ҳамда лойиҳалаш соҳаларида кенг имкониятлар мавжуд. Келгусида бу ҳамкорликни янада кенгайтириш учун катта салоҳият бор.”

Форум якунида ТМК стенди “Best Promotion Award” мукофоти билан тақдирланди. Бу эътироф Ўзбекистоннинг саноатдаги янги қиёфаси ва ТМКнинг халқаро миқёсда ишончли ҳамкор сифатидаги обрўсини яна бир бор тасдиқлади.

ТМКнинг “China Mining 2025” форумидаги иштироки Ўзбекистоннинг кончилик салоҳиятини глобал миқёсда намойиш этиш, янги ҳамкорликлар босқичини очиш ҳамда “Келажак металлари” концепциясини дунё майдонига олиб чиқиш йўлидаги муҳим қадамлардан бири бўлди.