Сунъий интеллект ривожига 1 миллиард долларлик сармоя жалб этилади

Ўзбекистонда сунъий интеллект (СИ) соҳасини ривожлантириш янги босқичга кўтарилмоқда. Президент томонидан “Сунъий интеллект технологияларини янада ривожлантиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармон имзоланди.

Ҳужжатга кўра, давлат бошқаруви, иқтисодиёт ва ижтимоий соҳада сунъий интеллект ечимларини кенг жорий этиш, халқаро ҳамкорликни кучайтириш ҳамда замонавий инфратузилма яратиш кўзда тутилган.

Фармоннинг асосий йўналишлари:

  • 2026 йил якунигача давлат органлари ва иқтисодиёт тармоқларида камида 100 та сунъий интеллект лойиҳаси амалга оширилади;
  • олий таълим муассасаларида 15 та СИ лабораторияси ишга туширилади;
  • 2030 йилга қадар соҳани ривожлантириш учун 1 миллиард АҚШ долларидан ортиқ хорижий инвестиция жалб этилади.

Бундан ташқари, 2025 йил якунига қадар “ai.gov.uz” миллий портали ишга туширилиб, у орқали СИ йўналишидаги лойиҳалар, дастурлар ва онлайн курслар ҳақида маълумот берилади.

2026 йилдан бошлаб эса Президент соврини учун “Sun’iy intellekt yo‘nalishida eng yaxshi startup” танлови ташкил этилади. Шунингдек, давлат органларининг рақамли трансформация даражаси СИ ечимларини жорий этиш кўрсаткичлари орқали баҳоланади.

Шу билан бирга, 2026 йил 1 мартдан бошлаб йилига икки марта “Сунъий интеллект бўйича энг яхши лойиҳа” танлови ўтказилади. Унда СИ технологияларини самарали татбиқ этган вазирлик ва идоралар аниқланади.