Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев АҚШ Президенти Доналд Трампнинг Жанубий ва Марказий Осиё бўйича махсус вакили Сержио Гор бошчилигидаги делегацияни қабул қилди.
Учрашувда АҚШ давлат котибининг ўринбосари Кристофер Ландау ва бошқа расмий шахслар ҳам иштирок этди.
Суҳбат чоғида 2025 йил 23 сентябрь куни Нью-Йорк шаҳрида бўлиб ўтган олий даражадаги учрашувда эришилган келишувларни амалга ошириш, шунингдек, Ўзбекистон – АҚШ стратегик шериклик муносабатларини янада ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди.
Сержио Гор давлатимиз раҳбарига Доналд Трампнинг самимий саломи ва тилакларини етказди.
Томонлар сиёсий мулоқот ва савдо-иқтисодий ҳамкорлик фаоллашганини, шунингдек, саноат, молия, муҳим минераллар, энергетика, рақамлаштириш ва қишлоқ хўжалиги соҳаларидаги лойиҳаларни илгари суриш муҳимлигини таъкидладилар.
Шу билан бирга, терроризм, экстремизм ва ноқонуний миграцияга қарши курашиш, хавфсизлик соҳасидаги ҳамкорликни кучайтириш масалалари ҳам кўриб чиқилди.
Учрашувда, шунингдек, яқин кунларда Вашингтон шаҳрида “С5+1” форматидаги саммитни ўтказиш режалари муҳокама этилди.
