ССВ «ғайриодатий инфекция» тарқалаётгани бўйича изоҳ берди

Ижтимоий тармоқларда болалар орасида мавсумий ўткир респиратор вирусли касалликларга ўхшаш, лекин ич кетиш ва қайт қилиш симптомлари бўлган инфекция тарқалаётгани билан боғлиқ хабарлар эълон қилинди.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги мазкур ҳолатлар юзасидан изоҳ бериб ўтди.

Ҳаво-томчи йўли орқали юқадиган ўткир респиратор вирусли инфекциялар мавсумий характерга эга бўлиб, кузда ҳарорат пасайиши билан касалланиш кўрсаткичлари бирмунча ортади.

Кузатувларга кўра, шамоллаш мавсумининг бошланиши одатда август ойи охири ва сентябр ойига тўғри келади. Жорий йилда эса бу муддат бироз кечроқ — октябр ойининг охирги 10 кунлигида бошланди. Яъни бу ижтимоий тармоқларда айтилаётганидек, ҳеч қандай ғайриодатий ҳолат эмас, дейилади вазирлик баёнотида.

Баъзида респиратор белгилар йўталиш, аксириш, бурун ачишиши, тана ҳарорати кўтарилиши билан кузатилса, айрим беморларда ошқозон-ичак тизимининг бузилиши тарзида намоён бўлади. Демак, бу хасталиклар ҳар доим ҳам бир хил кечмайди ва мазкур ҳолат вируснинг штаммлари билан боғлиқ.

Яна бир муҳим жиҳатни эсдан чиқармаслик керак. Бир пайтнинг ўзида бактериал ва вирусли инфекциялар авж олиши қайд этилмайди. Яъни микроорганизмлар оламида шундай бир жараён борки, бири иккинчисининг кўпайишига йўл қўймайди.

«Мавсумий респиратор касалликлар авж олишини коронавирус мутацияси сифатида баҳолаш ҳам мутлақо ўринсиз. Қолаверса, бугунга келиб COVID-19 оддий респиратор инфекцияга айланиб улгурган. Ҳозирги пайтда мамлакатимизда коронавирус бўйича вазият барқарор», дейилади хабарда.

Айтиш жоизки, ҳозирда тиббиёт муассасаларида ўткир респиратор вирусли инфекцияларни даволаш учун зарур ўрин-жой ва дори-дармон захиралари яратилган. Юртимиздаги эпидемик вазият мунтазам мониторинг қилиб борилмоқда.

Соғлиқни сақлаш вазирлигида алоҳида штаб тузилиб, унга Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитаси вакиллари, соҳа олимлари, тизим мутасаддилари ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент шаҳри ва вилоятлардан оналик ва болаликни муҳофаза қилишга масъул мутахассислар жалб қилинган.

Шу ўринда ота-оналарга касаллик белгилари кузатилган фарзандларини ўз вақтида оилавий шифокор кўригига олиб бориш тавсия этилади.

«Умуман, Ўзбекистонда эпидемиологик вазият барқарор. Шу боис ҳеч қандай хавотирга ўрин йўқ», дея хулоса қилади вазирлик.