Мирзаобод тумани собиқ ҳокими жиноий жазога тортилди

Мирзаобод тумани собиқ ҳокими Жонибек Яриев жиноий жазога тортилди.

Суднинг ҳукмига кўра, туманга 2020-2023 йилларда ҳокимлик қилган Жонибек Яриев мансаб ваколатини суиистеъмол қилган. У Сардоба сув омборида юзага келган тошқиндан сўнг яшаш жойидан айрилган оилалар учун қурилган уйларни бир нечта ҳолатда белгиланган талабларга зид равишда бериб юборган. Бу орқали давлат ва жамият манфаатларига жуда кўп миқдорда зарар етказган.

Халқ депутатлари Мирзаобод туман кенгашининг 2020 йил 3 ноябрдаги қарори билан Сардоба сув омбори тўғонидан сув тошиши оқибатида жабр кўрган оилалар учун 2020 йил давомида қурилган кўп қаватли уй-жойларни топшириш тартиби тасдиқланган. Унга кўра, уй-жойи бузилган ёки яшаб бўлмайдиган ҳолатга келган оилаларга уй-жой тақсимлаш билан боғлиқ ҳужжатларни ўрганиш натижалари бўйича якуний қарор маҳаллий кенгаши томонидан қабул қилиниши белгилаб қўйилган. Бироқ собиқ ҳоким ва ўша пайтда маҳаллий кенгаш раиси бўлган Жонибек Яриев уй-жойга эгалик қилиш ҳуқуқини берувчи давлат ордерисиз ҳамда кенгаш қарорисиз ўнга яқин ҳолатда уйларни бериб юборган.

Жумладан, Сардоба тумани Юртдош маҳалласида яшаган фуқаро Н.А.га унинг уй-жойлари яроқли деб топилгани сабабли халқ депутатлари Сардоба туман кенгашининг қарори билан уй-жой берилиши рад этилган. Аммо Жонибек Яриев унга уй-жойи бузилган ёки яшаб бўлмайдиган ҳолатга келган оилалар учун қурилган хонадонлардан бирини берган.

Бундан ташқари, уй-жой тақсимлашда бузилган ёки яшаб бўлмайдиган ҳолатга келиб қолган уйда нечта оила яшаганидан қатъий назар, ҳар бир уй-жой кадастрига мувофиқ битта уй берилиши белгиланган. Аммо собиқ ҳоким ушбу талабни ҳам бузган. Шунингдек, техноген офат оқибатида зарар етган уйи тўлиқ таъмирлаб берилган фуқароларга ҳам янги қурилган кўп қаватли уйлардан хонадон ажратиб берган.

Жонибек Яриев ЖИБ Ховос туман суди ҳукми билан Жиноят кодексининг 205-моддаси (ҳокимият ёки мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш) 2-қисми “а” банди ҳамда 209-моддаси (мансаб сохтакорлиги) 2-қисми “а” бандида назарда тутилган жиноятни содир қилишда айбли деб топилган. Унга 2 йил давлат иштирокидаги корхона, ташкилот, муассасаларда мансабдорлик ва моддий жавобгарлик лавозимларида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилиб, иш ҳақининг 20 фоизини давлат давлат даромади ҳисобига ушлаб қолган ҳолда 2,5 йил ахлоқ тузатиш ишлари жазоси тайинланган. Шунингдек, собиқ ҳокимга БҲМнинг 105 баравари миқдорида жарима жазоси ҳам қўлланган.

Сирдарё вилоят суди жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати кассация инстанциясининг 2025 йил 17 октябрдаги ажрими билан дастлабки суд ҳукми ўзгаришсиз қолдирилган.