Тошкент шаҳри ҳокимининг 2025 йил 27 октябрдаги қарори билан Veolia Energy Tashkent компанияси томонидан кўрсатиладиган марказлашган иссиқлик таъминоти хизматлари учун янги тарифлар тасдиқланди.
Ҳужжатга кўра, 2025 йил 12 ноябрдан бошлаб қуйидаги тарифлар (ҚҚСсиз) белгиланди:
Базавий тариф — 711 641 сўм/Гкал
Аҳоли учун — 139 860 сўм/Гкал
Бюджет ташкилотлари учун — 952 797 сўм/Гкал
Юридик шахслар учун — 342 296 сўм/Гкал
Пойтахтликларга иссиқ сув етказиб берувчи компаниянинг таъкидлашича, давлат томонидан жорий этилган субсидиялаш механизми туфайли пойтахт аҳолиси иссиқлик энергиясининг тўлиқ қийматини тўламайди. Харажатларнинг тахминан 80 фоизи маҳаллий бюджет ҳисобидан қопланади.
Компания, шунингдек, маблағлар фақатгина иссиқлик ва иссиқ сув билан таъминлаш, шунингдек, пойтахт иссиқлик таъминоти инфратузилмасини таъмирлаш ва янгилаш ишларига йўналтирилишини таъкидламоқда.
Жумладан, шу кунга қадар амалга оширилган ишлар натижасида иссиқлик йўқотишлари 44 фоиздан 33,4 фоизгача камайган, натижада иситиш тизими барқарорроқ ва самаралироқ бўлган.
