Хусусий секторда банд бўлган аҳолининг барчасига ҳам ҳомиладорлик, вақтинча меҳнатга лаёқатсизлик ва ишдан бўшаш бўйича нафақалар тўлаб берилмаяпти. Бу ҳақда бугун ўтган тақдимотда президент Шавкат Мирзиёевга ҳисоб берилди.
Қайд этилишича, бу ҳолатни тўловлар кўп ҳолларда ишлаб чиқариладиган маҳсулот таннархининг ошишига олиб келаётгани ва рақобатбардошликка таъсир кўрсатаётгани, иш берувчилар нафақаларни тўлашга ортиқча юкланма сифатида қараётгани, бюджетдан қоплаб берилаётган туғиш бўйича нафақа миқдори камлиги сабабли тадбиркорлар учун ушбу тизим жозибадор эмаслиги билан изоҳланяпти.
Ижтимоий суғурта тизимини такомиллаштириш юзасидан тақдимотда аҳолини ижтимоий нафақалар билан қамровини ошириш ҳамда миллий ижтимоий суғурта тизимини халқаро ҳужжатларга уйғунлаштириш мақсадида ишлаб чиқилган таклифлар кўриб чиқилди.
Шунингдек, расмий банд бўлган барча шахсларга нафақалар босқичма-босқич Ижтимоий ҳимоя жамғармаси томонидан тўланиши йўлга қўйилади. 2026 йилдан бошлаб аёлларга ҳомиладорлик нафақаси, 2026 йил иккинчи ярмидан вақтинча меҳнатга лаёқатсизлик нафақалари тўлаб борилади.
Президент таклифларни маъқуллаб, ижтимоий суғурта соҳасини рақамлаштириш, тизим шаффоф ишлашини, нафақалар проактив равишда тайинланиб, тўлаб борилишини таъминлаш юзасидан аниқ топшириқлар берди.
Маълумот учун, “Камбағалликдан фаровонлик сари” дастури доирасида фуқароларнинг бандлигини таъминлаш ва уларни тадбиркорликка жалб этиш бўйича амалга оширилаётган ислоҳотлар натижасида камбағаллик даражаси 2021 йилдаги 17 фоиздан 6,8 фоизга, кам таъминланган оила сифатида нафақа олувчилар сони эса 14 фоиздан 6,1 фоизга камайган.
