Россия–Украина урушида 480 дан ортиқ ўзбекистонлик ҳалок бўлган

«Яшашни хоҳлайман» лойиҳаси маълумотларига кўра, Россия сафида Украинага қарши урушаётган ўзбекистонликлар орасида 481 нафар фуқаро ҳалок бўлган ёки бедарак йўқолган. Бу ҳақда ташкилотнинг янги ҳисоботида маълум қилинди.

Маълумотга кўра, Россия Қуролли Кучлари сафида хизмат қилаётган хорижий ёлланма ҳарбийлар ичида ўзбек фуқаролари етакчи ўринда турибди. Ҳозиргача камида 2,7 мингга яқин ўзбекистонлик Россия билан ҳарбий шартнома имзолаб, урушда иштирок этгани аниқланган.

Шунингдек, Россияда 1,8 миллионга яқин ўзбекистонлик меҳнат муҳожири борлиги, ишсизлик ва босимлар сабаб уларнинг айримлари ёлланма ҳарбийликка жалб этилаётгани қайд этилган.

Ҳисоботда айтилишича, Россияда уруш давомида инсон ресурслари танқислиги кучайгани боис, ёлловчилар меҳнат муҳожирларини турли йўллар билан урушга жалб этмоқда. Таҳлилчиларнинг фикрича, қурбонлар сони расмий маълумотларда кўрсатилгандан анча кўп бўлиши мумкин.