BBC: Қуддусда юз минглаб ултра-ортодоксал яҳудийлар армияда хизмат қилишга қарши намойишга йиғилди

Хабарларга кўра, 30 октябр куни ўтказилган норозилик намойиши иштирокчилари шаҳарга киришнинг асосий йўлларини тўсиб қўйишган. Норозилик акцияси чоғида бир киши қурбон бўлгпн. 15 ёшли ўсмир бошқа намойишчилар гуруҳи билан бирга қурилиши тугалланмаган бинога чиқиб олган, бироқ баландликдан қулаб ҳалок бўлган.

Кун охирида ташкилотчилар акциянинг якунланганини эълон қилиб, йиғилганлардан тинчгина тарқалишни сўрашган, бироқ юзлаб ёш ултра-ортодоксал яҳудийлар полиция билан тўқнашувларга киришди. Хабар қилинишича, оммавий норозилик намойиши Кнессетда (Исроил парламенти) вакилликка эга бўлган ултра-ортодоксал партиялар томонидан қўллаб-қувватланган.

«Исроилда 18 ёшга тўлган йигит ва қизлар учун ҳарбий хизмат мажбурий ҳисобланади, бироқ ултра-ортодоксал яҳудийлар ҳар доим ҳарбий хизматдан озод этилган. Бу масала мамлакатдаги дунёвий ва диний сиёсатчилар ўртасида узоқ вақтдан бери кескин баҳс-мунозараларга сабаб бўлиб келади», дея ёзмоқда BBC.

Ўтган йилнинг июн ойида Исроил Олий суди ешива (ултра-ортодоксал яҳудийлар диний ўқув юртлари) талабалари ҳам бошқалар каби қуролли кучлар сафига чақирилиши кераклиги ҳақида қарор чиқарган ва ҳукуматга тегишли қонун лойиҳасини тайёрлашни буюрган эди. Бу қонун лойиҳаси ҳали Кнессетда муҳокама босқичига ҳам етмаган. Аммо яқинда парламентга ҳарбий хизматдан бўйин товлаганларга нисбатан санкциялар жорий этишни назарда тутувчи қонун лойиҳаси киритилди.

Мазкур ҳужжат нафақат мухолифат, балки ҳукмрон “Ликуд” партиясининг айрим аъзолари томонидан ҳам кенг қўллаб-қувватланди. Кўринишидан, айнан ҳарбий хизматдан бош тортганларни жазолаш ҳақидаги қонун лойиҳаси Қуддусдаги оммавий норозилик намойишларига туртки бўлган.