Истамбул суди Россия империяси даврида хизмат қилган дипломат Николай Исвечин ворисларига Босфор қирғоғида жойлашган, умумий майдони 10 гектар бўлган тарихий вилла ҳуқуқини расман берди. Бу ҳақда Туркиянинг Sabah нашри хабар берди.
Маълумотларга кўра, мазкур қарор 17 йил давом этган суд жараёнларидан сўнг қабул қилинган. Суд ишида Туркия хазинаси, Вақфлар бош бошқармаси, Россия Федерацияси ҳамда дипломат ворислари иштирок этган.
Исвечин мазкур ҳудуддаги виллани XIX асрнинг ўрталарида француз оиласидан сотиб олган. Бир муддат бу бинода Россиянинг Туркиядаги дипломатик ваколатхонаси жойлашган. Ҳозирда мутахассислар унинг қийматини тахминан 1,5 миллиард доллар деб баҳоламоқда.
1917 йилги инқилобдан кейин мулкнинг ҳуқуқий мақоми ноаниқ бўлиб қолган, чунки объект расман Россия мулки сифатида рўйхатдан ўтказилмаган эди. Суд Россия ва Туркия идораларининг даъволарини рад этди ва XIX асрдаги мулк ҳужжатлари ҳамда дипломатик ёзишмаларни ҳуқуқий асос сифатида тан олди.
Қайд этилишича, 3 йил аввал ўтказилган ер ҳудудини чегаралаш ишлари давомида Николай Исвечиннинг Францияда яшовчи авлодлари аниқланган. Суд уларни — Исвечиннинг асраб олган ўғли Дидье Леконт Исвечиннинг уч нафар фарзандини — қонуний ворислар деб топди.
