Жиззахда “Ҳудудгаз” ходими пора билан қўлга тушди

Жиззах шаҳрида “Ҳудудгаз Жиззах” газ таъминоти филиали етакчи мутахассиси 6 минг АҚШ доллари миқдорида пора олган пайтда қўлга олинди.

Маълумотларга кўра, у Жиззахдаги хусусий корхоналардан бири фаолиятини текшириш жараёнида носоз газ ҳисоблагич аниқланиб, бу ҳақда далолатнома тузган. Бироқ кейинроқ ходим ўз хизмат мавқеини суиистеъмол қилиб, ушбу далолатномани бекор қилиш ва Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти томонидан жиноят иши қўзғатмаслик эвазига корхона вакилининг 6 минг доллар миқдорида пора бериши талаб қилган.

Давлат хавфсизлик хизмати томонидан ўтказилган тезкор тадбирда у сўралган пулни “Ҳудудгаз Жиззах” биноси олдида олган вақтда ашёвий далиллар билан ушланди.

Лаборатория текшируви натижаларига кўра, газ ҳисоблагичга ташқи таъсир кўрсатилмагани, яъни у табиий равишда носоз ҳолатга келгани маълум бўлди.

Ҳозирда ходимга нисбатан Жиноят кодексининг 25, 168-моддаси 3-қисми “в” банди ва 28, 211-моддаси 1-қисми бўйича жиноят иши қўзғатилган. Шунингдек, тергов доирасида унинг Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаментидаги “таниши”нинг фаолияти ҳам текширилмоқда.