Ўзбекистонда илк бор адабиёт, маданият, санъат, илм-фан ва рақамли технологиялар соҳасидаги энг илғор ижодкор ва зиёлиларни рағбатлантириш мақсадида “Келажак мероси” халқаро мукофоти таъсис этилди.
Қарорга кўра, мукофот миллий ва умумбашарий қадриятлар ривожига, жаҳон маданий тараққиётига муносиб ҳисса қўшаётган маҳаллий ва хорижий ижодкорларни қўллаб-қувватлашга қаратилган.
Танлов ҳар йили қуйидаги йўналишларда ўтказилади:
– адабиёт;
– маданий мерос;
– театр ва кино;
– мусиқа ва рақс;
– тасвирий ва амалий санъат;
– мода ва дизайн;
– илм-фан, таълим ва рақамли технологиялар.
Ғолиблар статуэтка, диплом ҳамда 10 минг долларлик бир марталик пул мукофоти билан тақдирланади.
Мукофотни ташкил этиш ва ўтказиш бўйича масъул орган — Маданият вазирлиги, Вазирлар Маҳкамаси эса бир ҳафта ичида мукофот низомини тасдиқлаши керак.
Ташқи ишлар вазирлиги халқаро даражада мукофотни тарғиб этиш, чет эллик ғолибларни Ўзбекистонга таклиф этиш ва уларнинг визасини расмийлаштиришни таъминлайди.
Танловни ўтказиш харажатлари 2025 йилда Вазирлар Маҳкамаси захира жамғармаси ҳисобидан, 2026 йилдан эса давлат бюджети ҳисобидан қопланади.
