Янги Тошкент аэропорти қуриладиган жойда бошқа қурилиш ишлари тақиқланади


Тошкент вилоятида янги аэропорт қуриладиган ҳудудда янги лойиҳалар ва қурилиш ишлари чекланади. Бу ҳақда Тошкент вилояти кадастр бошқармаси матбуот хизмати хабар берди.

Қайд этилишича, янги аэропорт учун мўлжалланган ҳудуддаги мавжуд мулклар қиймати асоссиз ошишининг олдини олиш мақсадида янги фойдаланувчиларга тақсимлаш, расмийлаштириш, янги лойиҳаларни амалга ошириш ҳамда қурилиш ишларини олиб бориш чекланади.

Шунингдек, ҳудуд тўлиқ хатловдан ўтказилиб, турар ва нотурар жой бинолари ҳамда қишлоқ хўжалиги экинзорлари эгаларига етказиладиган зарарни қоплаш учун компенсация миқдори аниқланади.

Тошкент вилоятининг Ўрта Чирчиқ ва Қуйи Чирчиқ туманлари туташ ҳудудида қуриладиган аэропорт сабабли бу ҳудудда жойлашган аҳоли кўчирилади ва аҳоли хонадонларига ҳамда фермер хўжаликлари ҳудудидаги мавжуд бино-иншоотларига компенсация тўлаб берилади.

Янги Тошкент халқаро аэропорти ҳақида

Ушбу аэропорт қурилиши лойиҳасига 2025 йил 15 октябрь куни Шавкат Мирзиёев томонидан старт берилган эди. Аэропорт Тошкент вилоятининг Ўрта Чирчиқ ва Қуйи Чирчиқ туманларида 1 300 гектар майдонда қурилмоқда. Ўрта Чирчиқ туманидан 790,76 гектар, Қуйи Чирчиқ туманидан 519 гектар ер майдони ажратилган.

Шундан:

суғориладиган ерлар — 1 075,45 гектар;
боғлар — 112,69 гектар;
яйлов ва пичанзорлар — 0,65 гектар;
бошқа ерлар — 120,97 гектар.

Саудия Арабистонининг Vision Invest, Япониянинг Sojitz ва Кореянинг Incheon компаниялари иштирокидаги халқаро консорсиум билан ҳамкорликда амалга ошириладиган лойиҳа 4 босқичдан иборат бўлиб, биринчи босқичда 2,5 миллиард доллар эвазига аэровокзал ҳамда аэродром қурилади. Бу билан терминаллар орқали йилига 20 миллион нафар йўловчи ва 129 минг тонна юк ўтказиш, соатига 30 та учиш-қўниш операцияларини бажариш, 14 та телескопик траплардан фойдаланиш ҳамда бир вақтнинг ўзида 62 та ҳаво кемасини сақлаш имконияти яратилади.