Индонезиядаги масжидда портлаш содир бўлди: 50 дан ортиқ киши жароҳат олди

Индонезия пойтахти Жакартадаги масжидда жума намози вақтида кучли портлаш содир бўлди. Расмий маълумотларга кўра, ҳодиса натижасида 50 дан ортиқ киши турли даражадаги тан жароҳатларини олган.

Миллий полиция бошлиғи Листьо Сигит Прабово маълум қилишича, дастлабки суриштирув натижалари портлаш тасодифий эмас, балки атайлаб уюштирилган ҳужум бўлиши мумкинлигини кўрсатмоқда.

“Ушбу назарияни қўллаб-қувватлайдиган бир нечта далиллар топилди. Портлашда ишлатилган бўлиши мумкин бўлган ёзув материаллари ва кукун излари аниқланди”, — деди Прабово жабрланганларни шифохонада кўрганидан кейин ўтказилган матбуот анжуманида.

Терговчиларнинг маълумотича, гумонланувчи — портлаш бўлган масжид яқинидаги мактабнинг 17 ёшли ўқувчиси. У портлаш қурилмасини олиб келган ёки тайёрлаган бўлиши мумкинлиги айтилмоқда. Воқеадан сўнг ўсмирнинг ўзи ҳам оғир тан жароҳати олган ва шифохонага етказилган. Ҳозирда у операциядан сўнг соғаяётгани, полиция терговчилари ундан сўроқ олишни режалаштираётгани хабар қилинди.