Трамп ҳар бир фуқарога 2000 доллардан бермоқчи

АҚШ президенти Дональд Трамп божхона тўловларидан олинган даромад ҳисобига мамлакат фуқароларига камида 2 минг доллар “дивиденд” тўланишини маълум қилди. У бу ҳақда ўзининг Truth Social ижтимоий тармоғидаги саҳифасида ёзди.

“Тарифларга қарши одамлар — аҳмоқлар! Ҳозир биз дунёдаги энг бой ва ҳурматга сазовор мамлакатмиз. Инфляция деярли нолга тенг, фонд бозори рекорд кўрсаткичларга эга. Биз триллионлаб доллар оламиз ва тез орада 37 триллион долларлик улкан қарзимизни тўлашни бошлаймиз. Ҳар бир кишига (юқори даромадлиларни ҳисобга олмаганда) камида 2000 доллар дивиденд тўланади”, — деди Трамп.

Маълумот учун, Америка етакчиси бир неча ой аввал ҳам фуқароларга пул тарқатиш ғоясини илгари сурган, бироқ буни амалга ошириш бўйича аниқ қадамларни белгиламаган эди.

DPA агентлигининг ёзишича, Зоҳран Мамдани Нью-Йорк мэри этиб сайлангач ва демократлар мамлакат бўйлаб ғалабага эришгач, Трампнинг тарафдорлари уни сайловчиларга етарли эътибор бермаётганликда айбламоқда.

Шу билан бирга, агентлик маълумотида қайд этилишича, Трамп “деярли нол инфляция” ҳақида гапирган бўлса-да, бу кўрсаткич ҳозирда 3 фоиз атрофида сақланиб турибди.

Нью-Йорк ва бошқа йирик шаҳарларда уй-жой ижараси ҳануз юқори даражада. Сўнгги пайтларда сунъий интеллектга оид компанияларга сармоя киритиш туфайли фонд бозорида нархларнинг сунъий ошиши мумкинлиги ҳақида огоҳлантиришлар ҳам янграмоқда.