Самарқанд ва Қашқадарёда ерни ноқонуний сотишга чек қўйилди

Самарқанд ва Қашқадарё вилоятларида ер майдонларини ноқонуний сотишга уриниш ҳолатлари фош этилди.

Самарқанд вилоятининг Оқдарё туманида донли экинлар етиштириш билан шуғулланувчи фермер хўжалик раҳбари ҳокимият тизимидаги танишлари орқали хўжаликнинг 3 гектар ер майдонини иссиқхона ташкил этмоқчи бўлган фуқаро номига расмийлаштириб бериш эвазига 300 минг АҚШ доллари талаб қилган.

Давлат хавфсизлик хизмати ва вилоят ички ишлар бошқармаси томонидан ўтказилган тезкор тадбирда фермер олдиндан 20 минг доллар олган вақтда ашёвий далиллар билан ушланди. Ҳозирда унга нисбатан тегишли моддалар билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Қашқадарё вилоятида эса Қарши туманида яшовчи икки нафар шахс давлат захирасидаги 8 сотих ер майдонини ноқонуний тарзда сотишга уринишган. Уларга нисбатан ҳам ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан чоралар кўрилган.

Ҳар икки ҳолатда ҳам ерни ноқонуний савдога қўйишга уринишлар ўз вақтида фош этилди ва жиноятчилар жавобгарликка тортилиши таъминланмоқда.