Муддатидан олдин шартли озод қилинганлар назоратга олинади

Ўзбекистонда жазони ўташдан муддатидан илгари шартли озод қилинган фуқароларни назорат органларида рўйхатдан ўтиш учун келишга мажбурлаш тартиби жорий этилиши режалаштирилмоқда. Бу ҳақда Қонунчилик палатаси матбуот хизмати хабар берди.

Лойиҳа маҳаллий ҳокимият органлари томонидан ишлаб чиқилган бўлиб, у бундай шахсларни назорат қилиш механизмларини такомиллаштиришга қаратилган. Жумладан, шартли озод қилинган фуқароларни вақти-вақти билан тегишли органларга бориб рўйхатдан ўтишга мажбурлаш орқали улар устидан тизимли ва самарали назорат ўрнатиш кўзда тутилган.

Шунингдек, қонун лойиҳасида шартли озод қилинганлар устидан пробация назоратини амалга ошириш тартиби ва асослари, уларга қўшимча мажбуриятлар юклаш бўйича судга тақдимнома киритиш тартиби белгилаб қўйилмоқда.

Агар шахс назорат талабларини бузса, уни қайтадан жазони ўташ учун юбориш, ёки аксинча, айрим мажбуриятлардан озод қилиш тартиби ҳам аниқланмоқда.

Янги тартиб пробация тизимининг ҳуқуқий асосларини мустаҳкамлаб, унинг фаолиятини самарали ташкил этишга хизмат қилади. Шу билан бирга, жамоат тартиби ва хавфсизлигини таъминлаш, фуқароларда қонунга ҳурмат ҳиссини шакллантириш ҳамда такроран жиноят содир этишнинг олдини олишда муҳим аҳамият касб этиши таъкидланди.

Муҳокамалардан сўнг депутатлар қонун лойиҳасини биринчи ўқишда қабул қилдилар. Ҳужжат кучга кириши учун у яна иккита ўқишдан ўтиши, Сенат томонидан маъқулланиши ва Президент томонидан имзоланиши лозим бўлади.