Президент Шавкат Мирзиёевга инфляцияни жиловлаш ва макроиқтисодий барқарорликни таъминлаш юзасидан амалга оширилаётган ишлар ҳамда келгуси йилга мўлжалланган устувор вазифалар ҳақида ахборот берилди.
Маълум қилинишича, ички бозорни тўйинтириш ва инфляция омилларини чеклаш бўйича кўрилаётган чоралар туфайли барқарор иқтисодий ўсиш таъминланмоқда. 2025 йил 1 ноябрь ҳолатига кўра, йиллик инфляция даражаси 10,2 фоиздан 7,8 фоизгача пасайган.
Давлат раҳбари белгилаган режага кўра, 2026 йилда инфляцияни 7 фоизгача тушириш, 2027 йилда эса 5 фоиз атрофида ушлаб туриш мўлжалланган.
Бу мақсадда ички бозорда товар ва хизматлар таклифини кўпайтириш, айниқса аграр тармоқ, озиқ-овқат саноати ва хизмат кўрсатиш соҳаларидаги лойиҳаларни банклар орқали молиялаштиришни кенгайтириш режалаштирилган.
Йиғилишда асосий турдаги озиқ-овқат маҳсулотлари нархларининг барқарорлигини таъминлаш, аҳоли бандлигини ошириш ва иқтисодиётда юқори ўсиш суръатларини сақлаб қолиш муҳимлиги таъкидланди.
Маълумот учун, жорий йил бошидан тадбиркорлик субъектларига 116 триллион сўмлик кредитлар ажратилган бўлиб, бу ўтган йилга нисбатан 1,4 баробар кўпдир. Маҳаллабай ишлаш тизими орқали эса 89 минг фуқаронинг бизнес ташаббуслари қўллаб-қувватланди, йил якунига қадар бу кўрсаткични 100 минг нафарга етказиш режалаштирилган.
2026 йилда ҳам камбағалликни қисқартириш, аҳолини тадбиркорликка фаол жалб этиш ва микро, кичик ҳамда ўрта бизнесни қўллаб-қувватлаш ишлари изчил давом эттирилади. Шу доирада 140 триллион сўмлик кредит ажратиш ва яна 100 минг фуқаронинг лойиҳаларини молиялаштириш режалаштирилган.
Президент Шавкат Мирзиёев банк тизимига ишончни мустаҳкамлаш, молия бозорида соғлом рақобатни ривожлантириш ва аҳоли учун барқарор молиявий муҳит яратиш банк-молия сиёсатининг асосий вазифаси бўлиши кераклигини таъкидлади.
Йиғилиш якунида мутасаддиларга инфляцияни жиловлаш, тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш ҳамда мамлакат макроиқтисодий барқарорлигини мустаҳкамлаш юзасидан қўшимча топшириқлар берилди.
