Хабарларга кўра, йўқолган экспонатлар орасида қадимги Рим империяси даврига оид мармардан ясалган олтита ҳайкал ҳам бор. Ўғирлик содир бўлгани душанба куни аниқланган, музей ходимлари эшиклардан бири бузилганини пайқашган.
1919 йилда ташкил этилган Сурия Миллий музейида мамлакатнинг энг муҳим археологик тўплами сақланади. Унда милоддан аввалги ХIV асрга оид Угаритдан топилган сополдан ясалган миххат ёзувли лавҳалар (энг қадимги тўлиқ алифболардан бири мавжудлигининг исботи), қадимги даврнинг йирик маданий марказларидан бири бўлган Палмира шаҳридан олинган юнон-рим ҳайкаллари, шунингдек, милодий III асрда Дура-Эвропусда қурилган қадимий синагога мавжуд.
Музей 2012 йилда, Сурияда фуқаролик уруши бошланганидан бир йил ўтиб, ёпилган эди. Коллекциянинг катта қисми махфий жойларга эвакуация қилинган. Музей 2018 йилда қисман очилган, 2025 йил январ ойида эса янги ҳукумат даврида тўлиқ фаолиятини тиклаган.
