“Ўзбекистон Республикаси ҳудудида банк карталарининг чиқарилиши ва муомалада бўлиши қоидалари тўғрисидаги низомга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги буйруқ давлат рўйхатидан ўтказилди. Бу ҳақда Адлия вазирлиги хабар берди.
Мазкур ҳужжат билан фойдаланувчи субъектларга кўра банк карталарининг турлари кенгайтирилди. Жумладан, бизнес банк картаси – якка тартибдаги тадбиркор ёки ўзини ўзи банд қилган шахсга ўз ҳисобварағидаги маблағларни бошқариш имконини беради. Ижтимоий банк картаси эса ижтимоий ва бошқа тўловлардан тушган маблағларни бошқариш учун мўлжалланган.
Бундан ташқари, олдиндан эмиссия қилинадиган шахсий банк карталарини чиқариш ва уларни мобил иловалар орқали фойдаланувчини идентификациялаган ҳолда активлаштириш тартиби белгиланди. Эндиликда 14 – 18 ёшдаги вояга етмаган шахслар ўзлари мустақил, 14 ёшгача бўлган вояга етмаганлар ота-онасидан бири ёки қонуний вакилининг ёзма розилиги асосида тижорат банкларида банк картасини очишлари мумкин бўлади.
Мазкур ҳужжат билан юридик шахслар учун ичимлик ва оқова сув хизматлари учун тўловларни корпоратив банк карталари орқали тўлаш имконияти яратилди.
