Канадалик актёр ва сценарий муаллифи Калам Уорси СИ асосида марҳум инсонларнинг рақамли нусхасини яратиш ва улар билан мулоқот қилиш имконини берувчи 2wаi номли иловани ишлаб чиққан стартапини тақдим қилди.
Айтилишича, илова рекламасида ҳомиладор аёл 2wаi орқали марҳум онасининг рақамли нусхаси билан суҳбатлашаётгани кўрсатилган. Видеода вақт ўтиши билан “буви” чақалоққа эртак айтиб бергани, болаларни мактабдан кутиб олгани ва невараси туғилгани ҳақида “суҳбатлашгани” акс этган.
Иловани ишлатиш учун фойдаланувчи марҳум инсон ҳақида 3 дақиқалик видеони юклайди. Шу асосда чат-бот унинг мимикалари, овози ва мулоқот услубини тахминан қайта тиклаб, виртуал суҳбатдош яратади. Лекин технология жамоатчилик орасида жиддий баҳсларга сабаб бўлди. Айниқса, ахлоқий меъёрлар, шахсий ҳаёт дахлсизлиги ва ҳиссиётларни суиистеъмол қилиш хавфи юзасидан.
Шу билан бирга, лойиҳа муаллифлари тарихий шахслар, масалан, Шекспир ёки қирол Генрих VIII каби реал ёки хаёлий образларни ҳам қайта яратиш мумкинлигини таъкидлаяпти.
