Ўзбекистон U-17 жамоаси Жаҳон чемпионати 1/8 финалига йўл олди

Қатарда ўтаётган 17 ёшгача бўлган футболчилар ўртасидаги Жаҳон чемпионатида Ўзбекистон U-17 терма жамоаси плей-оффнинг 1/16 финалида Хорватия U-17 жамоасини мағлуб этиб, мусобақанинг 1/8 финалига чиқди.

Учрашувнинг 24-дақиқасида Садриддин Ҳасанов Сайфиддин Содиқовнинг узатмасидан кейин гол урди ва ҳисобни очди. 80-дақиқада хорватиялик Тино Кусанович ҳисобни 1:1 қилди. Асосий вақт шу натижа билан якунлангач, ғолиб пенальтилар сериясида аниқланди. Унда ўзбекистонлик ўсмирлар 4:3 ҳисобида зафар қучдилар.

Шу тариқа, бош мураббий Ислом Исмоилов бошқарувидаги ёшлар мусобақанинг 1/8 финалига йўл олди. Келаси босқичда Ўзбекистон U-17 жамоаси Италия ўсмирларига қарши майдонга тушади. Учрашув 18 ноябрь куни бўлиб ўтади.

U-17 Жаҳон чемпионати — 1/16 финал
Хорватия U-17 — Ўзбекистон U-17: 1:1 (пен. 3:4)
Голлар:

Садриддин Ҳасанов — 24’ (0:1)

Тино Кусанович — 80’ (1:1)

Ўзбекистон таркибида: Иброҳим Шокиров, Муҳаммад Ҳакимов, Мўминхон Баходирхонов, Садриддин Ҳасанов, Нурбек Сарсенбаев, Сайфиддин Содиқов, Абдумалик Анваров, Муҳаммадали Мусаханов, Азизбек Абдумўминов, Абубакир Шукуруллаев, Азизбек Эримбетов ва бошқалар майдонга тушди.