Ховос тумани ИИБ ходимлари пора олаётганда қўлга олинди

Сирдарё вилояти Ховос туманида Ички ишлар бўлими Тезкор-қидирув хизматида фаолият юритувчи подполковник ва майор унвонидаги икки нафар катта тезкор ходим пора билан ушланди.

Маълумотларга кўра, жорий йил октябрь ойида боғдорчилик билан шуғулланувчи МЧЖга тегишли дала майдонидан полиэтилен целлофан ўғирланиши юзасидан ИИБга мурожаат келиб тушган. Шу ҳолатдан сўнг, тезкор ходимлар ўғирликда гумон қилиб тўрт нафар фуқарони мажбурий равишда бўлимга олиб келган.

Ходимлар фуқароларни қамаб қўйиш билан қўрқитиб, ишни “босди-босди” қилиш эвазига 55 млн сўм талаб қилган. Кейинчалик зарарни қоплаш баҳонасида улардан 24 млн сўм олгани аниқланган. Шунингдек, жиноят ишини қўзғатмаслик, “қамоқ” эҳтиёт чорасини қўлламаслик ва ҳужжатларни маъмурий иш сифатида расмийлаштириб судга юбориш учун қўшимча 11 млн сўм талаб қилинган.

Давлат хавфсизлик хизмати, вилоят прокуратураси ва ИИВ Шахсий хавфсизлик бош бошқармаси томонидан ўтказилган тезкор тадбирда ходимлар айнан 11 млн сўмни олган пайтда ашёвий далиллар билан ушланди.

Уларганисбатан Жиноят кодексининг 210-моддаси (“пора олиш”) 2-қисми “в” ва “г” бандлари бўйича жиноят иши қўзғатилди. Суд томонидан уларга “қамоқ” эҳтиёт чораси қўлланилган.

Тергов ҳаракатлари давом этмоқда.