Президент икки ҳокимни ишдан олди

Президент Шавкат Мирзиёев раислигидаги йиғилишда Денов тумани ҳокими Илҳом Аброров ва унинг биринчи ўринбосари Ш. Тўрақулов, Чироқчи тумани ҳокими Файзулла Юсупов ҳамда унинг ўринбосари З. Эргашев вазифасидан озод этилди. Сабаб — камбағаллик ва ишсизликни қисқартириш ишларида етарли натижа бўлмагани.

Денов туманида 1200 та камбағал оила даромади ўзгармагандек қолган. Чироқчи туманига тадбиркорликни ривожлантириш учун ажратилган 309 млрд сўм ресурс ҳам самарали ишлатилмаган.

Шунингдек, Яшнобод, Бухоро, Ғиждувон, Косон, Хатирчи, Қумқўрғон, Янгийўл, Ўзбекистон, Гулистон, Яккабоғ, Андижон, Паркент, Тошкент, Нуробод, Учтепа, Чортоқ, Давлатобод, Олтинкўл, Қизириқ ва Когон туманлари ҳокимларига нисбатан чора кўриш топширилди.

Узун тумани эса бандлик ва камбағалликни қисқартиришда намуна сифатида қайд этилди: хорижий инвестициялар жалб қилинди, корхоналар ишга туширилди, микролойиҳалар орқали аҳоли даромади ошди ва камбағаллик даражаси 10,5%дан 3%гача камайди.