Тошкентда 8 нафар ИИББ тезкор ходими фуқаронинг 233 минг долларини тортиб олгани маълум бўлди

Текширувларга кўра, Тошкент шаҳар ИИББ жиноят қидирув бўлимига қарашли 8 нафар тезкор ходим дастурчи йигит ва унинг танишини ноқонуний тарзда ИИБ биносига олиб бориб, босим ва қийноқ орқали уларнинг электрон ҳамёнидаги крипто-пулларини ўзлаштирган.

Ходимлар криптовалютани ўз манзилларига ўтказиб, кейин нақдлаштириб бўлиб олишган. Тинтув пайтида уларнинг уйлари ва иш хоналаридан 170 минг доллардан ортиқ пул ҳамда гиёҳванд моддалар топилган.

Жабрланувчи М.Қ. қўрқитилган, калтакланган ва 233 минг долларлик криптоактивларни беришга мажбур қилинган. Пуллар кейин тезкор ходимлар ва уларнинг танишлари ўртасида бўлиб олинган.

Давлат хавфсизлик хизмати аралашгач, барча иштирокчилар қўлга олинди. Суд ҳукмига кўра, асосий 4 нафар ходим 11 йилга қамалди. Бошқаларга ҳам турли жазолар тайинланган.