Тошкентда йўллар бўйича жорий қилинган пулли автотураргоҳлар тарифлари жамоатчиликда тортишувларга сабаб бўлаётгани ортидан Халқ демократик партияси уларни қайта кўриб чиқиш зарурлигини билдирди. Бу ҳақда партия расмий сайтида маълум қилинди.
Маълумотга кўра, пойтахтда соатига 12 минг сўмдан бошланадиган пулли тўхташ жойлари жами 14 мингга яқин ҳудудда ташкил этилиши режалаштирилган. Бироқ тушаётган маблағлар, уларнинг сарфи ва ҳисобдошлиги борасида очиқлик етишмаётгани таъкидланмоқда.
Партия фикрича, тарифлар аҳолининг реал даромади ва ҳаётий эҳтиёжларига мутаносиб белгиланиши шарт.
“Марказда ишловчи фуқаролар автомобилларини 8 соат давомида пулли тўхташ жойида қолдиришга мажбур. Бу кунлик 100 минг сўмга яқин тўлов демакдир. Бир ойлик харажат эса МҲЭКМдан ҳам ошиб кетмоқда. Бу ҳолат ўртача даромадли аҳоли учун жиддий муаммога айланмоқда”, — дейилади ХДП баёнотида.
Партия қўшни давлатлардаги тарифлар анча арзон эканини келтириб, бу масалада иқтисодий мантиқ ва ижтимоий адолат мезонларига риоя этилиши кераклигини таъкидлади.
ХДП пулли парковкаларни такомиллаштириш бўйича бир қатор таклифлар берди:
- тарифларни белгилашда аҳолининг реал даромадлари ва ижтимоий ҳимоя даражаси инобатга олиниши;
- тушаётган маблағлар ва уларнинг сарфланиши бўйича очиқ маълумотлар эълон қилиниши;
- давлат тиббий муассасалари, хизмат марказлари, «Инсон» марказлари ва кутубхоналар олдида маълум муддат бепул туриш имконияти яратилиши;
- савдо, хизмат кўрсатиш, тиббиёт, спорт ва маданият масканларидаги парковкаларнинг камида 5 фоизи имтиёзга эга шахслар учун бепул ажратилиши;
- айрим пулли тўхташ жойлари “тўхташ тақиқланади” белгиси қўйилган ҳудудларда ташкил этилаётгани танқид қилиниб, бу ҳолат «тўлов қилиб — тўхташ мумкин» деган хулосани бериши ва қонунга зид экани қайд этилди.
Аввалроқ Тошкентда йўллар бўйлаб пулли автотураргоҳлар синов тариқасида ишга туширилган эди.
