Дубайда ўтаётган халқаро авиашоу пайтида Ҳиндистон ҳаво кучларига тегишли Tejas қирувчи самолёти ҳалокатга учради. Учувчи воқеа жойида ҳалок бўлгани ҳақида Ҳиндистон ҳаво кучлари матбуот хизмати Х платформасида маълум қилди.
Ҳодиса 21 ноябрь куни намойиш парвози вақтида содир бўлди. NDTV телеканали маълумотича, томошабинлар учувчининг самолётдан катапульта қилиб чиқиб улгурмаганини айтишган.
Интернетда тарқалган видеокадрларда қирувчи самолёт юқори тезликда пастлай бошлагани ва ерга урулиши билан кучли портлаш содир бўлгани кўринади. Ҳалокатдан кейин жойдан қора тутун кўтарилган.
Дубай авиашоуси Бирлашган Араб Амирликларида 19-маротаба ўтказилмоқда ва 21 ноябрга қадар давом этади. Ҳодисадан сўнг авиашоуга ташриф буюрган айрим томошабинлар хавфсизлик чоралари мақсадида эвакуация қилингани хабар қилинди.
