Президентнинг “Аграр соҳани давлат томонидан қўллаб-қувватлаш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони (ПФ–224, 21 ноябрь 2025 йил) қабул қилинди. Ҳужжатга мувофиқ, аграр соҳани давлат ёрдами билан молиялаштириш тизими тубдан янгиланади.
Фармонда белгиланишича, қўллаб-қувватлаш жараёнлари тўлиқ рақамлаштирилиб, меҳнат ва вақт сарфи 2 баробарга қисқартирилади. Шунингдек, озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги соҳаларидаги тадбиркорларга бериладиган давлат ёрдамлари турлари унификация қилиниб, уларнинг сони 2028 йилга бориб 50 фоизга қисқартирилади.
Ҳужжатга кўра, Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузурида Аграр соҳада тўловлар агентлиги ташкил этилади.
Агентликнинг асосий вазифаларига қуйидагилар киради:
- янги қўллаб-қувватлаш чораларини жорий этиш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш;
- ариза топширишдан тортиб тўлов амалга оширилгунга қадар бўлган барча жараёнларни тўлиқ рақамлаштириш.
2026 йил 1 январдан бошлаб:
- фармонда назарда тутилган барча қўллаб-қувватлаш чоралари айнан Агентлик орқали амалга оширилади;
- тадбиркорларга ёрдам махсус ҳисоб рақамлар (23210) орқали молиялаштирилади.
