Сирдарёда музей қўриқчиси талабага қилган тегажоғлиги учун беш суткага қамалди

Сирдарё вилоятида Гулистон давлат университети қошидаги Репрессиялар қурбонлари музейи қўриқчиси талабага нисбатан жинсий характердаги номақбул ҳаракатлар содир этди. Бу ҳақда Олий суд матбуот хизмати хабар берди.

Тергов маълумотларига кўра, 21-сентябрь куни эрталаб 63 ёшли ходим музейда бошқа одам қолмаган пайтда ташриф буюрган талабага нисбатан уятсиз ҳаракатлар қилган. Эркак қизнинг елкаси ва қўлидан ушлаган.

Судда у айбини тан олмаган ва қилган ишини “талабани четга олиб қўйишга уриниш” билан изоҳлаган. Аммо суд иш материалларини кўриб чиққач, уни Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 41-1-моддаси (“Жинсий зўравонлик”) бўйича айбдор деб топади ва унга беш сутка маъмурий қамоқ жазоси тайинланган.