Андижон вилоятида Ҳакамлик судининг амалдаги судьяси Жанубий Кореяга ишга юборишни ваъда қилиб, фуқаролардан йирик миқдорда пул талаб қилгани аниқланди.
Маълумотларга кўра, судья ўзининг юқори лавозимда ишловчи танишлари орқали 2 нафар фуқарони Жанубий Кореяга мавсумий ишчи сифатида юбориб қўйишни ваъда қилган. Бу хизмат учун у 15 000 АҚШ доллари талаб қилган.
Ваъдани “тезроқ ҳал қилиб бериш” баҳонаси билан судья фуқаролардан 4 100 долларни илк тўлов сифатида олган.
Бироқ ваъдалар бажарилмаганидан сўнг, судья пулнинг бир қисмини қайтаришга ҳаракат қилган пайтда Давлат хавфсизлик хизмати ва Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти ходимлари томонидан ашёвий далиллар билан қўлга олинган.
Ҳозирда унга нисбатан Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят иши қўзғатилган ва суд қарорига кўра, қамоқ эҳтиёт чораси қўлланилган.
