Адлия вазирлиги “Таълим ташкилотларида тўлов-контракт шакли ва ундан тушган маблағларни тақсимлаш тартиби тўғрисида”ги низомга киритилган ўзгартишларни давлат рўйхатидан ўтказди.
Унга кўра, олий таълим муассасаларида контракт асосида ўқиш учун тўлов қуйидаги муддатларда амалга оширилади:
▪️ тўлов миқдорининг камида 25 фоизи — абитуриентлар учун 15 сентябргача, юқори босқич талабалари учун 1 октябргача ёки ОТМ ректори томонидан узайтириладиган муддатгача;
▪️ тўлов миқдорининг камида 50 фоизи — 1 январгача, 75 фоизи — 1 мартгача ва 100 фоизи — 1 майгача ёки ОТМ ректори томонидан узайтириладиган муддатгача тўланади.
Ҳужжатга кўра, Давлат комиссияси мазкур тўлов муддатларини узайтириш ваколатига эга.
Шунингдек, контрактдан тушган маблағлар хорижий олий таълим муассасаларида истиқболли ёш педагоглар ва илмий кадрларнинг малакасини ошириш ҳамда стажировка ўташларини молиялаштиришга йўналтирилиши мумкин.
Бундан ташқари, олий таълим муассасалари ўз талабаларини ижтимоий муҳофаза қилиш доирасида йилига бир нафар талабага меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорининг 6 бараваригача моддий ёрдам кўрсатиши мумкин. Мазкур маблағ ҳам контракт тушумлари ҳисобидан ажратилади.
