Шавкат Мирзиёев пойтахтда транспорт бошқарувини тубдан янгилашга қаратилган қарорни имзолади. Ҳужжатга кўра, Тошкентда бир қатор йирик ислоҳотлар амалга оширилади.
Пойтахтда Йўл ҳаракатини ташкил этиш маркази ташкил этилади. У транспорт, пиёда ва йўловчи оқимларини реал вақтда мониторинг қилиш, бошқариш ва хавфсизликни таъминлаш билан шуғулланади.
Камералар, сенсорлар, светофорлар, жамоат транспорти ҳаракати, навигация, вазн-ҳажм назорати ва бошқа хизматлар ягона платформага уланади.
ИТТ Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитасининг Ситуацион марказига интеграция қилинади. Экологик нормаларга жавоб бермайдиган автомашиналарни аниқлаш тизими йўлга қўйилади.
2023–2030 йилларга мўлжалланган асосий кўрсаткичлар:
жамоат транспортидан фойдаланиш улуши — 60%;
электроабуслар улуши — 50%;
автобусларнинг ўртача тезлиги 18 км/соатдан 24 км/соатга оширилади;
1 000 км йўл таъмирланади;
16 та тоннел ва йўл ўтказгич қурилади;
700 та “ақлли” чорраҳа ташкил этилади;
метро узунлиги 103 км га етказилади;
170 км велойўлак ва 200 км пиёда йўлаклари барпо этилади.
Йўл ва транспорт инфратузилмаси учун алоҳида жамғорма тузилади. Жарималар, “Хавфсиз шаҳар”, реклама ва бошқа тушумлар айнан шу жамғармага йўналтирилади.
Соҳадги бир қатор ваколатлар 2028 йилгача марказлашган ҳолда амалга оширилади. Бу транспорт жараёнларини ягона тизимда, самарали бошқаришга хизмат қилади.
Пойтахт кўчалари ва йўл кесишмаларида замонавий реконструкция ишлари амалга оширилади. Автобуслар учун алоҳида йўлаклар, интеллектуал светофорлар жорий этилади.
