Россия Марказий банки россияликлар ва дўст мамлакатлар фуқаролари учун чет элга валютали пул ўтказмаларига қўйилган чекловларни бекор қилиш тўғрисида қарор қабул қилди. Бу ҳақда регулятор матбуот хизмати хабар берди.
Маълумотга кўра, ўзгаришлар 8 декабрь, душанба кунидан бошлаб амалга киритилади. Чекловларни бекор қилиш қарори валюта бозоридаги барқарор вазият билан изоҳланди.
Марказий банк маълумотига кўра, энди россияликлар ва дўст мамлакатлар норезидентлари чет элга эркин валютали ўтказмалар амалга ошириши мумкин бўлади.
Шу билан бирга, 2025 йил 8 декабрдан 2026 йил 7 июнгача қуйидаги чекловлар кучда қолади:
- Россияда ишловчи дўстона бўлмаган мамлакатлар норезидентлари фақат ўз иш ҳақи миқдоридаги маблағларни чет элга ўтказиши мумкин;
- Россияда ишламайдиган дўстона бўлмаган мамлакатлар норезидентларига, шунингдек, уларнинг юридик шахсларига пул ўтказиш тақиқланади.
Бу чеклов Россия юридик ва жисмоний шахслари назорати остидаги хорижий компанияларга татбиқ этилмайди.
Марказий банк таъкидлашича, ушбу чекловлар Россия молия бозорига сармоя киритаётган хорижий инвесторлар пул ўтказмаларига тааллуқли эмас. Хусусан, «Ин» туридаги ҳисобварақлардан чет элдаги ҳисобварақларга ўтказмаларга тўсқинлик қилинмайди.
Шунингдек, дўстона бўлмаган давлатлар банклари тўловчи ва олувчи ҳисобварақлари чет элда очилган тақдирда, Россиядаги вакиллик ҳисобварақларидан фойдаланиб, рублда пул ўтказмаларини амалга ошириши мумкин.
