Ўзбекистонда аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш бўйича муҳим ҳужжат — “Давлат ижтимоий суғуртаси тўғрисида”ги Қонун қабул қилинди.
Қонунда, шунингдек, тадбиркорларнинг ҳомиладорлик ва туғиш, меҳнатга лаёқатсизлик ёки ходимни ишдан бўшатиш бўйича тўловлар билан боғлиқ ортиқча юкламасини камайтириш, норасмий бандликни легаллаштиришни рағбатлантириш вазифалари белгиланган.
Ҳужжатга кўра, давлат ижтимоий суғуртаси орқали қуйидаги тўловлар амалга оширилади:
- аёллар учун ҳомиладорлик ва туғиш нафақаси;
- касаллик сабаб ишга чиқа олмайдиган ходимлар учун вақтинча меҳнатга лаёқатсизлик нафақаси;
- ходим ишдан бўшаган тақдирда тўланадиган ишдан бўшатиш нафақаси.
Суғуртага мажбурий тартибда меҳнат шартномаси асосида ишлаётган ходимлар, ихтиёрий тартибда эса якка тартибдаги тадбиркорлар, ўзини ўзи банд қилганлар, деҳқон хўжалиги ва томорқа эгалари жалб қилинади. Чет элда ёлланиб ишлайдиган фуқаролар ҳам ушбу тизимга ихтиёрий асосда қўшилиши мумкин.
Нафақалар қуйидаги тартибда тайинланади:
- ҳомиладорлик ва туғиш, шунингдек вақтинча меҳнатга лаёқатсизлик нафақалари — фуқаро аризасиз, проактив шаклда;
- ишдан бўшатиш нафақаси — фуқаронинг мурожаати асосида.
Президентнинг 2025-йил 3-ноябрдаги фармонига мувофиқ, мазкур тизим босқичма-босқич жорий этилади:
2026-йил 1-январдан ҳомиладорлик ва туғиш нафақаси,
2026-йил 1-июлдан вақтинча меҳнатга лаёқатсизлик нафақаси,
2030-йил 1-январдан ишдан бўшатиш нафақаси давлат жамғармаси орқали тўлаб борилади.
Қонуннинг қабул қилиниши ходимларни ижтимоий хавфлардан ҳимоя қилиш, расмий бандликка қизиқишни ошириш ва меҳнат бозори барқарорлигини мустаҳкамлашга хизмат қилиши кутилмоқда.
