OIC Маданий Фестивали: “Baku Creative Week – 2025”нинг очилиши бўлиб ўтди

Бугун, 8 декабрь куни Боку Конгресс марказида “OIC Маданий Фестивали: Baku Creative Week – 2025”нинг расмий очилиш маросими бўлиб ўтди.

Тадбирда Озарбайжон ҳукуматининг юқори мартабали вакиллари, Ислом Ҳамкорлик Ташкилотига (OIC) аъзо мамлакатлар делегациялари, халқаро ташкилотлар, ижодий саноат мутахассислари ҳамда оммавий ахборот воситалари қатнашди.

Очилишдаги нутқларда фестивалнинг асосий мақсадлари — минтақада маданий ҳамкорликни мустаҳкамлаш, давлатлар ўртасида ижодий алоқаларни кенгайтириш ҳамда креатив иқтисодиёт салоҳиятини ошириш экани таъкидланди. Форум халқаро ҳамкорликка туртки бериши ва қўшма ташаббуслар учун майдонча бўлиб хизмат қилиши қайд этилди.

Фестивальда дунёдан 50 дан ортиқ давлат вакиллари, шу жумладан, Ўзбекистоннинг маданият ва санъат соҳаси вакиллари ҳам иштирок этмоқда.

Дастур доирасида кино, дизайн, мусиқа, анимация, технология ва бошқа йўналишлар бўйича панел муҳокамалари, тақдимотлар ва networking учрашувлари ташкил этилган.

Шунингдек, 11 декабргача давом этадиган фестиваль доирасида кўргазмалар, кинопремералар ва маҳорат дарслари ўтказилади.