Мажбурий даволаш учун мўлжалланган наркология муассасаларида даволаш тартиби белгиланди

“Мажбурий даволаш учун мўлжалланган наркология муассасаларида даволаш жараёнини ташкил этиш тартиби тўғрисида”ги низом Адлия вазирлигида давлат рўйхатидан ўтказилди.

Мазкур низом суд қарори асосида мажбурий даволашга йўналтирилган шахсларнинг наркология муассасасида даволаш жараёнини ташкил этиш тартибини белгилайди.

Беморлар муассасага қабул қилинган кундан бошлаб 5 кунлик муддат ичида мажбурий даволаш давомийлиги наркология муассасасининг раҳбари ва 2 нафар нарколог шифокордан иборат тиббий комиссия томонидан белгиланади.

Низомга кўра, мажбурий даволаш давомийлиги 18 ойдан ошмаслиги шарт.

Беморлар наркология муассасасидан қуйидаги сабабларга кўра чиқарилиши мумкин:

  • мажбурий даволаш муддати тугагач ва беморнинг клиник ҳолати инобатга олинганда;
  • мажбурий даволашни ўтказишга тўсқинлик қиладиган қўшимча оғир касалликлар аниқланганда.