Энергетика вазирлиги ток ўчиши ҳақидаги хабарларни рад этди

Ўзбекистоннинг кўплаб жойларида соат 17:00 дан бошлаб электр энергияси бир неча соатга ўчирилиши ҳақида тарқалган хабарлар рад этилди. Бу ҳақда Энергетика вазирлиги хабар бермоқда.

9 декабрда эълон қилинган расмий хабарда айрим ҳудудларнинг электр таъминотида асосан истеъмол ортган паллаларда (соат 17:00-21:00 лар оралиғида) қисқа муддатли узилишлар кузатилиши мумкинлиги, агар бунга зарурат туғилса, истеъмолчилар олдиндан хабардор қилиниши айтилганди.

Бунинг ортида ижтимоий тармоқларда кўплаб жойларида соат 17:00 дан бошлаб электр энергияси бир неча соатга ўчирилиши ҳақида хабарлар тарқалди.

“Ушбу хабарлар мутлақо нотўғри мазмунда бўлиб, ижтимоий тармоқ эгалари томонидан одамларни ўзига жалб қилиш мақсадида шу тартибда ёзилган”, — дея муносабат билдирди вазирлик.

Энергетика вазирлиги ижтимоий тармоқ эгаларидан тасдиқланмаган ва нотўғри бўлган маълумотларни тарқатмасликларини сўраб, бу бўйича қонунчиликда белгиланган тартибда жавобгарлик мавжудлигини эслатди.