Тошкентда поликлиника собиқ бош шифокорига нисбатан суд иши кўриб чиқилди. Суд 2025 йил 5 декабрда бўлиб ўтган. У 2 йил 1 ой озодликни чеклаш жазосига ҳукм қилинди.
Суд иши нусхаси Platina.uz ихтиёрида мавжуд.
Тошкент шаҳрининг Олмазор туманида жойлашган 19-сонли оилавий поликлиниканинг собиқ бош шифокорига нисбатан суд ҳукми эълон қилинди. Суд уни бир неча йил давомида давлат бюджети маблағларини ўзлаштириш ва мансаб сохтакорлигида айбдор деб топди.
Маълум бўлишича, айбланувчи ХХХ 2021 йил апрелидан 2025 йил майигача мансаб мавқеидан фойдаланган ҳолда сохта буйруқ ва иш вақти табел ҳужжатларини расмийлаштирган.
Ушбу ҳужжатлар асосида поликлиникада амалда ишламаган ходимларга иш ҳақи ҳисобланган ҳамда маблағлар уларнинг номидаги банк карталарига ўтказилган.
Ўтказилган тафтиш натижасида давлатга етказилган моддий зарар 359,1 млн сўм экани аниқланди. Суд материалларига кўра, етказилган зарарнинг катта қисми тергов жараёнида қисман қопланган.
Суд собиқ бош шифокорни Ўзбекистон Жиноят кодексининг 167-моддаси 3-қисми (“а” банди) ва 209-моддаси 2-қисми (“а” банди) билан айбдор деб топди.
Жазони тайинлашда суд айбланувчининг илгари судланмагани, айбига қисман иқрор бўлиб, пушаймонлигини билдиргани ҳамда моддий зарарнинг бир қисми қопланганини инобатга олди.
Натижада суд якуний жазо сифатида айбланувчига 2 йил 1 ой муддатга озодликни чеклаш жазоси тайинлади. Шунингдек, у 2 йил давомида мансабдорлик ва моддий жавобгарлик юклатилган лавозимларда ишлаш ҳуқуқидан маҳрум этилди.
Суд ҳукмига биноан, жазони ўташ даврида айбланувчининг иш ва ишга бориб-келиш вақтидан ташқари пайтларда яшаш жойидан чиқиши чекланади, назорат органининг розилигисиз яшаш ёки иш жойини ўзгартириши ҳамда мамлакат ҳудудидан чиқиши тақиқланади. Шунингдек, қопланмаган 65,1 млн сўм миқдоридаги моддий зарар давлат фойдасига ундирилиб, уни дастлабки олти ой ичида тўлиқ қоплаш мажбурияти юклатилди.
Ҳукм устидан қонунда белгиланган тартибда шикоят берилиши мумкин.
Суд иши Олий суд порталидан олинди.
