Тошкент вилояти ва шаҳрида экорейдлар давомида 14 кунда қанча объектда иш тўхтатилгани маълум қилинди

Тошкент шаҳри ва вилоятида 9 декабрь куни экорейд амалга оширилди. Бу ҳақда Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси хабар қилди.

Қайд этилишича, Тошкент вилоятининг Қибрай, Зангиота, Юқори Чирчиқ, Янгийўл, Тошкент туманлари ва Тошкент шаҳрида рейд тадбирлари давомида жами 3222 та объектнинг атмосфера ҳавосини муҳофаза қилишга оид қонунчилик талабларига қай даражада риоя қилаётгани ўрганилган ва 24 та ҳуқуқбузарлик маълум бўлган.

Ноябрь ойининг 25-санасидан 9 декабрга қадар ўтказилган ўрганишлар натижасида эса 895 та ҳуқуқбузарлик ҳолати аниқланиб, маъмурий иш ҳужжатлари расмийлаштирилган. Атроф-муҳитга салбий таъсир кўрсатган ва қонунни бузган жами 75 та, Тошкент вилоятида 66 та, Тошкент шаҳрида 9 та объект фаолияти 10 иш кунига вақтинчалик тўхтатилган.

Шу билан бирга, 37 та иссиқхона объектларида филтрлар ўрнатилиб, 6 та иссиқхона газ тармоғига уланди ҳамда 7 та объект томонидан газга уланиш учун техник шартга ариза топширилди.

“Андижон” фан клубига тутунли пиротехника воситаларидан фойдалангани учун огоҳлантириш берилганди. Клуб масъулларига бундан буён стадионларда ҳамда оммавий тадбирлар вақтида тутунли пиротехника воситаларидан фойдаланиш қатъиян тақиқланиши тушунтирилган.

Бошқа бир ҳолатда эса, Ўзбекистонда нотўғри ўрнатилган датчиклар ҳаво сифати бўйича аҳолига хато маълумотлар бераётгани аниқланганди.