Инсон ички аъзолари савдоси билан шуғулланган жиноий гуруҳ етакчиси жазоланди

Тошкент шаҳри ва Тошкент, Фарғона, Бухоро ҳамда Қашқадарё вилоятларида яшовчи 12 нафар фуқародан иборат жиноий гуруҳ ижтимоий тармоқлар орқали буйрак ва жигар касалликларидан азият чекаётган беморларни топиб ва соғлом фуқароларни мўмай пул эвазига ўз органини сотишга қизиқтириб, чет элдаги танишлари ёрдамида шахсини тасдиқловчи ҳужжатларни қалбакилаштириш орқали уларни гўёки қариндош сифатида кўрсатиб, қўшни давлатларнинг биридаги хусусий клиникада жарроҳлик амалиётларини амалга оширишган.

Уюшган жиноий гуруҳнинг 2023-2025 йиллардаги фаолияти давомида 32 нафар беморга буйрак ёки жигар тўқималари кўчириб ўтказилган.

Ўз навбатида, беморлардан олинган катта миқдордаги пул маблағларининг маълум бир қисми операция учун хусусий клиникага ҳамда донорларга берилган, қолгани эса ўзаро тақсимланган.

Шунингдек, жарроҳлик амалиётидан кейин соғлиқларида ижобий ўзгариш бўлмаган беморларга оғриқни қолдириш мақсадида жиноий гуруҳ томонидан кучли таъсир қилувчи дори воситалари қиммат нархларда сотилган.

Жиноий гуруҳнинг асосий аъзоси Жиноят кодекси 133-прим 1-моддаси иккинчи қисмининг “а”, “б” бандлари, Жиноят кодекси 228-моддаси иккинчи қисмининг “а”, “б” бандлари ва Жиноят кодекси 228-моддасининг учинчи қисмида назарда тутилган жиноятларни содир этишда айбдор деб топилган. Судланувчига тайинланган жазоларни қисман қўшиш йўли билан узил-кесил ўташи учун 9 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган. Жазони умумий тартибли колонияларда ўташи белгиланган.